Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Давлат ходимлари билан иш юритаётганда, масиҳий Муқаддас Китоб бўйича тарбияланган виждонига асосланиб йўл тутиши керак

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Давлат ходимларига совға ёки чойчақа бериш тўғри ё нотўғри эканини аниқлашда масиҳийга нима ёрдам беради?

Бу масалада бир нечта омилни ёдда тутиш керак. Маълумки, масиҳийлар ҳалол бўлишлари лозим. Қолаверса, агар давлат қонунлари Яҳованинг қонун-қоидаларига зид келмаса, уларга бўйсуниш масиҳийларнинг бурчидир. (Мат. 22:21; Рим. 13:1, 2; Иброн. 13:18) Шунингдек, Худонинг хизматчилари бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олиб, маҳаллий урф-одатларни ҳурмат қилишга ва яқинларини ўзларини севгандай севишга жон куйдиришади. (Мат. 22:39; Рим. 12:17, 18; 1 Салон. 4:11, 12) Бундай принципларга амал қилиш, дунёнинг турли чеккаларида яшовчи масиҳийларнинг совға ва чойчақа беришга бўлган нуқтаи назарига таъсир қилиши муқаррар.

Кўп жойларда жамоат хизмати ходимларига вазифаларини бажаришгани учун бирор нарса бериш кутилмайди. Кўрсатаётган хизматлари учун ижтимоий ходимларга давлат томонидан ойлик тўланади ва улар бу тўловдан ташқари на бирор нарсани талаб қилишади, на уни олишга умид қилишади. Анчагина жойларда давлат ходимлари муайян хизмат учун бирон-бир нарсани сўрашса ёки олишса ё ҳатто буни ўзларининг вазифасини бажараётган ҳолда, қонуний равишда қилишса ҳам, бу қонунга хилоф бўлади. Гарчи бундай совға ишнинг натижасига таъсир қилмаса ҳам, барибир пора ҳисобланади. Вазият шундай бўлган мамлакатларда масиҳий давлат ходимларига совға ёхуд чойчақа бериши ҳақидаги масала ҳатто кўтарилмайди. Бундай совғалар умуман ўринсиздир.

Лекин бундай қонунлари бўлмаган ёки уларга қаттиқ риоя қилинмайдиган жойларда эса, жамоат хизмати ходимлари совға ёки чойчақа олишни ўринли деб билишади. Баъзи мамлакатларда давлат ходимлари мансабидан фойдаланиб, уларга мурожаат қилган одамлардан пул ундиришади ёки яна нимадир сўрашади ва совға олмагунча, бу одамларнинг ишини тўғрилаб беришмайди. Чойчақа эса, одатда никоҳларни расмийлаштирадиган, даромад солиғини йиғадиган, қурилишларга рухсат берадиган ва ҳоказо ходимлар томонидан талаб қилинади. Чойчақа берилмаган тақдирда, бу ходимлар фуқаронинг қонуний равишда қилган мурожаатини ҳал этишни қийинлаштириш ёки умуман рад этиш учун атайин муаммо туғдиришлари мумкин. Хабар беришларича, бир давлатда фавқулодда вазиятлар учун масъул бўлган ўт ўчирувчиларга чойчақа берилмаса, улар ёнғинни ўчиришга ҳатто киришишмас экан.

Қонуний асосда бирор хизмат кўрсатилгани учун, баъзида миннатдорлик юзасидан кичик совға бериш ўринли бўлиши мумкин

Юқоридаги вазиятлар кенг тарқалган мамлакатларда баъзилар чойчақа бермасак бўлмайди, деб ўйлашади. Бу ҳолларда масиҳий чойчақани, қонуний тарзда бирон-бир хизмат кўрсатилиши учун тўланадиган қўшимча ҳақ деб билиши мумкин. Аммо порахўрлик одатий ҳол бўлган жойларда яшовчи масиҳийлар, Худонинг назарида нима тўғри, нима нотўғри экани орасидаги чегара аста-секин йўқолиб кетмаслиги учун, ҳушёр туришлари керак. Қонуний асосда бирон хизмат кўрсатилиши учун чойчақа бериш билан қонунга хилоф равишда илтифот кўрсатилишини кутиш — умуман бошқа-бошқа нарса. Порахўрлик ривожланган жойларда баъзи одамлар бирор ишни ноқонуний тарзда битказиш учун мансабдор шахсларга чойчақа беришади ёки жаримани тўламаслик учун милиция ходимларига ё давлат назоратчиларига пора таклиф қилишади. Шубҳасизки, кимгадир пора бериш нотўғри бўлганидек, пора олиш ҳам нотўғри ҳисобланади. Бу иккала ҳаракат ҳам адолатни бузади. (Чиқ. 23:8; Қонун. 16:19; Ҳик. 17:23)

Муқаддас Китоб бўйича тарбияланган виждони туфайли, кўплаб етук масиҳийлар давлат ходимлари улардан чойчақа талаб қилишганида, уни беришга рози бўлишмайди. Чунки улар бундай йўл тутиб, порахўрликка ундаймиз ёки унинг авж олишига ҳисса қўшамиз, деб ўйлашади. Шунинг учун бу масиҳийлар, давлат ходимлари сўраган ҳар қандай совғани уларга беришдан бош тортишади.

Етук масиҳийлар, қонунга хилоф равишда илтифот кўрсатилиши учун бериладиган чойчақа пора ҳисобланиши мумкинлигини билишади. Лекин айримлар маҳаллий шароитларни ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олган ҳолда, қонуний равишда муайян хизмат кўрсатилиши ёки уларнинг ишларини орқага сурмасликлари учун, ижтимоий ходимларга миннатдорчилик юзасидан кичик бир совға беришни маъқул кўришар. Бошқа вазиятларда, масалан, касалхонада бепул даволаниб чиққандан кейин, баъзи масиҳийлар олинган муолажа учун миннатдорчилик билдириш мақсадида шифокорларга ва ҳамшираларга совғалар беришади. Улар буни даволаниб бўлгандан сўнг қилишади, сабаби ўшанда ҳеч ким бу совғани пора ёки имтиёзли даволаниш учун бир шамадек билмайди.

Албатта, ҳар бир мамлакатдаги алоҳида вазиятларни кўриб чиқиш имконсиз. Шунинг учун, маҳаллий шароитлар қандай бўлишидан қатъи назар, масиҳийлар бу масалада тарбияланган виждонига асосланиб қарор чиқаришлари керак. (Рим. 14:1–6) Бундан ташқари, улар қонунга ҳам хилоф йўл тутмасликлари лозим. (Рим. 13:1–7) Масиҳийлар Яҳованинг исмига доғ туширадиган ёки бошқаларни қоқинтирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан қочишлари даркор. (Мат. 6:9; 1 Кор. 10:32) Уларнинг қарорларида яқинига бўлган севги акс этиши зарур. (Марк 12:31)

Кимнингдир тиклангани ҳақида эълон қилинганида, жамоат хурсандчилигини қандай изҳор этиши мумкин?

Луқо баёнотининг 15 бобида 100 та қўйи бўлган бир киши тўғрисидаги Исонинг таъсирли мисоли келтирилган. Қўйлардан бири йўқолганида, ўша киши тўқсон тўққизта қўйни чўлда қолдириб, «йўқолганини топмагунча» ахтаради. Исо гапида давом этиб, шундай деб айтади: «Уни топгач эса, елкасига кўтариб, роса севинади. Ўша киши уйга келади-да, дўстларию қўшниларини чақириб: “Келинглар, бирга қувонамиз, чунки мен йўқотган қўйимни топдим”,— дейди». Кейин эса Исо қуйидагича хулоса қилади: «Сизларга айтиб қўяй, худди шундай, тавбага муҳтож бўлмаган тўқсон тўққизта одил кишидан кўра, тавба қилган битта гуноҳкор учун ҳам осмонда катта хурсандчилик бўлади». (Луқо 15:4–7)

Матн таркиби шуни кўрсатяптики, Исо бу сўзларни уламою фарзийларга қарата айтиб, уларнинг нуқтаи назарини тўғриламоқчи бўлган, сабаби улар уни солиқчилар ва гуноҳкорлар билан мулоқот қилгани учун танқид қилишган. (Луқо 15:1–3) Исо, гуноҳкор тавба қилгани учун осмонда хурсандчилик бўлишини таъкидлаб ўтган. Шу боис, бизда қуйидаги савол туғилиши мумкин: «Агар гуноҳкор тавба қилиб, йўлидан қайтгани ва оёқлари учун текис йўл ҳозирлагани боис осмонда хурсандчилик бўлса, унда ер юзида ҳам шундай бўлиши керак эмасми?» (Иброн. 12:13)

Жамоатда кимдир тикланса, бу қувонишимиз учун яхшигина сабаб бўлади. Тўғри, бу инсон Аллоҳга бўлган бенуқсонлигини сақлашда давом этиши керак, лекин тикланиш учун у тавба қилиши зарур эди ва у буни қила олганидан биз суюнамиз. Демак, оқсоқоллар кимнингдир тиклангани ҳақида эълон қилишса, тингловчилар ихтиёрий ва муносиб тарзда чапак чалишлари мумкин.

Қуддусдаги Байтзата ҳовузининг суви «тўлқинланишига» нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?

Исонинг даврида Қуддусда яшовчи баъзилар Байтзата ҳовузидаги сув «тўлқинланганида», шифобахш хусусиятга эга бўлади, деб ўйлашган. (Юҳан. 5:1–7) Шу сабабли, одамлар шифо топиш учун у ерга йиғилишарди.

Изланиш натижаларига кўра, яҳудийлар мазкур ҳовуздан покланиш мақсадида фойдаланишган экан. Байтзата ҳовузи иккита сув ҳавзасидан иборат бўлган. Ҳавзалардан бири иккинчисини сув билан таъминлаб, ҳовузнинг сатҳини меъёрида сақлаб турарди. Бу жойни ўрганиб чиқишганида, шу иккита сув ҳавзаси тўғон билан бўлингани аниқланди. Биринчи ҳавзадаги сув канал орқали иккинчисига оқиб келиши учун, тўғон дарвозасини очса бўларди. Бундай пайтда сув босим билан қуйилиб келгани натижасида ҳовуздаги сув юзаси тўлқинланарди.

Шуниси эътиборлики, фаришта сувни тўлқинлантиргани ҳақидаги Юҳанно 5:4- оят IV асрга оид Синай кодекси каби юнонча қадимги қўлёзмаларда учрамайди. Лекин шуниси аниқки, Байтзатада Исо 38 йилдан буён касал бўлган кишини даволайди. У киши ҳатто ҳовузга кирмай туриб, дарҳол соғайтирилган эди.