Асосий материалларга ўтиш

МУҚОВАДАГИ МАВЗУ

Вақтдан унумли фойдаланинг

Вақтдан унумли фойдаланинг

«Қанийди, кўпроқ вақтим бўлганида эди!» Тез-тез шундай дейсизми? Қайсидир маънода ҳаммада — ҳокимиятга эга ва бой инсонларда ҳам, камбағал ва оддий инсонларда ҳам — бир хил вақт бор. Устига-устак бойлар ҳам, камбағаллар ҳам вақтни йиға олишмайди. Кетган вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ. Доно одам вақтдан унумли фойдаланади. Қандай қилиб? Кўп одамларга вақтдан унумли фойдаланишга ёрдам берган тўртта маслаҳатни кўриб чиқайлик.

1- маслаҳат. Тартиб-интизомли бўлинг

Устувор нарсаларни белгилаб олинг. Муқаддас Китобда «қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланг», деб маслаҳат берилган. (Филиппиликларга 1:10) Муҳим ва шошилинч ишларнинг рўйхатини тузинг. Аммо шуни ёдда тутингки, муҳим ишлар, масалан тушлик учун озиқ-овқат сотиб олиш доим ҳам шошилинч бўлмаслиги мумкин. Шошилинч бўлиб кўринган ишлар эса, масалан севимли теледастурни томоша қилиш муҳим бўлмаслиги мумкин.

Олдиндан режалаштиринг. Воиз 10:10 да шундай дейилган: «Агар болтанинг тиғи ўткирланмаса, кўп куч сарфлашга тўғри келади. Донолик эса муваффақиятга эриштиради». Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Рамзий маънода темир асбобингизни ўткирланг, яъни ишларни олдиндан режалаштиринг, шунда вақтдан унумли фойдалана оласиз. Вақт ва кучингизни олаётган муҳим бўлмаган ишларни кейинга қолдиринг ёки умуман бошламанг. Ишингизни вақтидан олдин битириб, бўш вақтингиз қолган бўлса, кейинга режалаштирилган ишни қилишга нима дейсиз? Шунда асбобларини ўз вақтида ўткирлаб турадиган доно ишчи каби йўл тутиб, ишингизнинг самарадорлигини оширасиз.

Ҳаётингизни соддалаштиринг. Нуқул вақтингизни олаётган муҳим бўлмаган нарсаларга «йўқ» дейишни ўрганинг. Ҳаддан ташқари кўп иш ва учрашувлар белгилаш одамни стрессга тушириб, қувончдан маҳрум қилиши мумкин.

2- маслаҳат. Вақтни ўғирлайдиган ишлардан қочинг

Кейинга қолдириш ва иккиланиш. «Шамолга қараган уруғ экмайди, булутларга қараган эса ҳосилни йиғиб олмайди». (Воиз 11:4) Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Кейинга қолдириш одати вақтни ўғирлаб, ишнинг самарадорлигини туширади. Мукаммал об-ҳавони кутган деҳқон ҳеч қачон уруғ ҳам экмайди, ҳосил ҳам йиға олмайди. Ҳаёт ноаниқликларга тўла ва бу бизни иккилантириб қўйиши ҳеч гап эмас. Ёки барча зарур маълумотларни йиғиб олмагунча қарор чиқаришни кейинга қолдиришимиз мумкин. Муҳим қарорларни чиқаришдан олдин обдан ўйлаш кераклиги шубҳасиз. Ҳикматлар 14:15 да айтилганидек, «заковатли эса ҳар бир қадамини ўйлаб босади». Аммо кўп қарорлар чиқарганимизда, улар қандай натижа келтиришини олдиндан билмаслигимиз мумкин. (Воиз 11:6)

Максимализм. Ёқуб 3:17 да шундай дейилган: «Юқоридан тушган донолик... мулоҳазали». Ишни аъло даражада бажаришга интилиш мақтовга лойиқ! Бироқ, ҳаддан ташқари талабчан бўлиш муваффақиятсизликка ва ҳатто кўнгил қолишига олиб келиши мумкин. Масалан, ўзга тилни ўрганаётган инсон хатолар қилиб туришини тан олиши керак, чунки хатолар орқали у ўргана олади. Максималист бўлган инсон бирор нарсани нотўғри айтиб қўйишдан қўрқади. Аммо бундай муносабат муваффақиятга эришишга халақит беради. Ҳа, инсон ўзига нисбатан камтар бўлса қандай яхши! Ҳикматлар 11:2 да: «Камтарларга эса донолик хосдир»,— дейилган. Ахир камтар инсон ўзига ҳаддан ортиқ жиддий қарамайди ва ҳатто ўз устидан кулиши мумкин.

«Аслини олганда биз пул билан эмас, вақт билан тўлаяпмиз» («What to Do Between Birth and Death»)

3- маслаҳат. Мувозанатли ва реалист бўлинг

Иш ва дам олишга нисбатан мувозанатли бўлинг. «Икки ҳовуч заҳмат ва шамол ортидан қувишдан кўра, бир ҳовуч ором яхшироқдир». (Воиз 4:6) Ишга муккасидан кетадиган инсонлар кўпинча ўзларини «икки ҳовуч заҳмат»нинг самарасидан маҳрум этишади. Уларда бу учун куч ҳам, вақт ҳам қолмайди. Ишёқмаслар эса «икки ҳовуч» ором оламан деб, қимматбаҳо вақтларини бекорга сарфлашади. Муқаддас Китоб бизни мувозанатли бўлишга — тиришиб меҳнат қилишга ва меҳнатимизнинг самарасидан қувонч топишга ундайди. Ахир бундай қувонч «Худонинг инъомидир». (Воиз 5:19)

Уйқуни қурбон қилманг. «Мен ётаман-да, тинчгина ухлайман»,— дейди сано бастакори. (Забур 4:8) Вояга етган инсонларнинг кўпи жисмоний, ҳиссий ва ақлий кучларини тиклаб олиши учун кунига саккиз соат ухласа етарли. Уйқуни тежаш мақсадга мувофиқ эмас, чунки у хотирани яхшилаб, диққатни жамлашга ёрдам беради ва ақлий фаолияти рағбатлантиради. Уйқу танқислиги эса, аксинча, ақлий фаолиятни секинлаштиради, бу эса асабийлашишга, хатолар қилишга ва бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлади.

Эриша оладиган мақсадлар қўйинг. «Хомхаёл бўлгандан кўра, кўз олдида турган нарсалардан қувонган яхшироқ». (Воиз 6:9) Бу нима дегани? Ақл-идрокли инсон айниқса ушалмайдиган ёки эришиб бўлмайдиган орзу-ҳавасларга берилмайди. Шу сабабли у рекламага алданиб, осон йўл билан кредит олишга учмайди. У эриша олмайдиган мақсадларга интилмайди, аксинча «кўз олдида турган нарсалар» билан қаноат қилади.

4- маслаҳат. Ҳақиқий қадриятлар сари интилинг

Қадриятларингиз устида мулоҳаза қилиб кўринг. Ҳақиқий қадриятлар нима яхши, муҳим ва фойдали эканини аниқлашга ёрдам беради. Агар ҳаётни ўқ билан солиштирсак, қадриятларингиз унга йўналиш бериб туради. Шундай экан, ҳақиқий қадриятлар ҳаётда муҳимроқ бўлган нарсаларни биринчи ўринга қўйишга ва кундан-кунга, ҳар соатда вақтдан унумли фойдаланишга ёрдам беради. Бундай қадриятларни қаердан топиш мумкин? Кўп одамлар Муқаддас Китобни чексиз донолик манбаи деб ҳисоблаб, унга мурожаат қилади. (Ҳикматлар 2:6, 7)

Севги ҳаётингизда муҳим аҳамият касб этсин. Колосаликларга 3:14 да айтилишича, севги «инсонларни етук даражада бирлаштиради». Айниқса оилада севги бўлмаса биз чинакамига бахтиёр бўла олмаймиз. Бу омилга бепарво бўлиб, бойиб кетишга ёки амал пиллапоясидан кўтарилишга ружу қўйган инсонлар оқибатда бахт ва қувончдан маҳрум бўлишмоқда. Ҳа, Муқаддас Китобда севгига катта аҳамият берилгани ва юз марталаб тилга олингани бежиз эмас. (1 Коринфликларга 13:1–3; 1 Юҳанно 4:8)

Маънавий нарсаларга вақт ажратинг. Жефф исмли кишининг яхши оиласи — севувчи рафиқаси ва иккита фарзанди бор эди. Бундан ташқари, унинг содиқ дўстлари ва қониқарли иши бор эди — у фельдшер бўлиб ишларди. Аммо иш юзасидан Жефф тез-тез ўлим ва азоб-уқубатларни кўрарди. «Наҳотки ҳаётнинг бори шу бўлса?» деб ўйларди у. Бир куни Жефф Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган, Муқаддас Китобга асосланган адабиётни ўқиб, саволларига қониқарли жавоб топди.

Жефф билиб олганларини рафиқаси ва фарзандларига сўзлаб берганида, улар ҳам қизиқиш кўрсатишди. Шундай қилиб, унинг оила аъзолари Муқаддас Китобни тадқиқ қила бошлади ва ҳаётлари мазмунга эга бўлиб, вақтдан унумли фойдаланишни ўрганишди. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш туфайли улар беҳуда ҳаётдан ва азоб-уқубатлардан холи дунёда абадий яшаш каби ажойиб умидга эга бўлишди. (Ваҳий 21:3, 4)

Жеффнинг мисоли Исо Масиҳнинг: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир»,— деган сўзларини эслатади. (Матто 5:3). Сиз ҳам маънавий нарсаларга вақт ажратишга тайёрмисиз? Фақат шу йўл билангина ҳаётингизнинг бир кунини ҳам бекорга сарфламасликка кўмаклаша оладиган доноликка эга бўласиз.