Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Азиз оқсоқоллар, бошқаларга таълим беряпсизми?

Азиз оқсоқоллар, бошқаларга таълим беряпсизми?

Бу дунёда ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор. ВОИЗ 3:1

1, 2. Туман нозирлари кўплаб жамоатларда нимани кузатишмоқда?

ТУМАН НОЗИРИ оқсоқоллар кенгаши билан учрашувни якунлаш арафасида. Нозир жон куйдириб меҳнат қилаётган бу чўпонларнинг юзларига қараб, илиқ туйғуларни ҳис қилади. Уларнинг баъзилари нозирнинг отаси тенги келади. Бироқ у бир муаммо борлигини сезиб, уларга шундай савол беради: «Азизлар, жамоатингиздаги бошқа биродарлар ҳам кўпроқ масъулият олишлари учун таълим бериш мақсадида нималар қилдингиз?» Туман нозири ўтган ташрифи давомида ўзгаларга таълим беришга кўпроқ эътибор қаратишга чорлагани, оқсоқолларнинг ёдида. Натижада улардан бири: «Очиғини айтганда, унча кўп уринмадик»,— дейди. Бошқа оқсоқоллар эса бош силкитиб, гапини маъқуллашади.

2 Агар жамоат оқсоқоли бўлсангиз, бу учрашувда нима ҳақида гап кетаётганини тушунаётгандирсиз. Туман нозирлари, дунё бўйлаб кўпгина жамоатларда сурувга ғамхўрлик қилишда кўмаклашишлари учун, турли ёшдаги биродарларга таълим бериш эҳтиёжи борлигига эътибор қаратишмоқда. Бу бир оз мушкул кечяпти. Нега?

3. а) Бошқаларга таълим бериш муҳимлиги Муқаддас Китобда қандай кўрсатилган ва нега бу масала барчамизни қизиқтириши керак? (Изоҳга қ.) б) Нима учун айрим оқсоқоллар бошқаларга таълим беришни мушкул деб билишлари мумкин?

3 Оқсоқол сифатида, биродарларга таълим бериш учун вақт ажратиш муҳимлигини тушунаётганингиз шубҳасиз *. Қолаверса, жамоатларни мустаҳкамлаш ва янгиларини ташкил қилиш учун кўпроқ биродарларга эҳтиёж борлигини биласиз (Ишаё 60:22 ни ўқинг). Шунингдек, Аллоҳнинг Каломида «бошқаларга таълим бериш» ҳақида ундов бор (2 Тимўтийга 2:2 ни ўқинг). Бироқ мақоланинг бошида айтилган оқсоқоллар каби сиз ҳам буни қийин деб ўйларсиз. Устига-устак, оилангиз эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишингиз, ишлашингиз, жамоатдаги вазифаларни бажаришингиз ва бошқа шошилинч масалаларни ҳал қилишингиз керак. Буларнинг баридан ортиб, ўзгаларга таълим беришга вақт ажратиш иложсиздай туюлар. Шундай экан, келинг, жамоатдаги бошқа ака-укаларимизга таълим бериш қанчалик муҳимлигини муҳокама қилайлик.

ТАЪЛИМ БЕРИШ ШОШИЛИНЧДИР

4. Нега айрим оқсоқоллар бошқаларга таълим беришга вақт ажратишни қийин деб билишлари мумкин?

4 Нега айрим оқсоқоллар бошқаларга таълим беришга вақт ажратишни қийин деб билишлари мумкин? Эҳтимол кимдир: «Таълим бериш муҳим, бироқ бу, жамоатдаги кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишлар каби шошилинч эмас. Агар таълим беришни озроқ ортга сурсам, жамоат ўз фаолиятини давом эттира олади»,— деб ўйлар. Шошилинч ҳал қилиш керак бўлган ишлар анча-мунча экани рост, лекин таълим беришни ортга суриш жамоатнинг маънавий фаровонлигига путур етказиши ҳеч гап эмас.

5, 6. а) Ҳайдовчидан ва машина моторини яроқли ҳолда тутишга бўлган муносабатидан нимани ўрганяпмиз? б) Буни жамоатда таълим бериш билан қандай таққослаш мумкин?

5 Қуйидаги мисол устида мулоҳаза юритайлик: ҳайдовчи машинасини яроқли ҳолда тутиши ва мотори доим ишлаб туриши учун, мойни мунтазам алмаштириш кераклигини билади. Аммо у, бу бензобакни ёқилғи билан тўлдиришчалик шошилинч эмас, деб ўйлаши мумкин. Ахир бакка бензин қуйилмаса, машина яқин орада умуман тўхтаб қолади-ку. Ҳайдовчи: «Мойни алмаштиришга вақтим бўлмаса ҳам мотор ҳеч бўлмаганда, бир муддат ишлаб туради»,— деган фикрга бориши мумкин. Лекин бунинг хавфли томони нимада? Агар ҳайдовчи мотордаги мойни алмаштириб турмаса, бир кун келиб машина бутунлай бузилади. Шунда у, машина яна юриши учун уни қайта таъмирлашга кўп вақт ва маблағ сарфлашига тўғри келади. Бундан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Оқсоқоллар тезда ҳал қилиш керак бўлган кўпгина муҳим масалалар борасида қайғуришади. Улар бундай қилишмаса, бу жамоатга ёмон таъсир қилади. Ўша ҳайдовчи бензобакни тўлдириши керак бўлгани каби, оқсоқоллар ҳам «қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлаб» олишлари лозим (Филип. 1:10). Аммо айрим оқсоқоллар шошилинч ишлар билан банд бўлиб, бошқаларга таълим беришни эътибордан четда қолдиришлари мумкин. Буни эса моторни яроқли ҳолда тутишга ўхшатса бўлади. Агар оқсоқол таълим беришни ортга сураверса, эртами-кечми жамоатда ҳамма эҳтиёжларга ғамхўрлик қилишга лаёқатли биродарларнинг сони кам бўлади.

7. Таълим беришга вақт ажратадиган оқсоқолларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

7 Шуниси аниқки, таълим бериш биринчи ўринда эмас, деган фикрдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Узоқни кўзлайдиган ҳамда вақтини тажрибаси кам бўлган биродарларга таълим беришга сарфлайдиган оқсоқоллар, бутун жамоат учун доно бошқарувчи ва чинакам баракадир (1 Бутрус 4:10 ни ўқинг). Хўш, жамоат бундан қандай фойда олади?

ВАҚТНИ ТЎҒРИ САРФЛАШ

8. а) Қайси фазилат ва мулоҳазалар оқсоқолларни бошқаларга таълим беришга ундайди? б) Эҳтиёж катта бўлган жойларда хизмат қиладиган оқсоқоллар қандай шошилинч масъулиятга эга? (« Шошилинч вазифа» номли рамкага қ.)

8 Оқсоқоллар қанчалик тажрибали бўлмасин, ёши ўтгани сайин улар жамоатда бажара оладиган ишлар сони чекланиб боришини камтаринлик ила тан олишлари керак (Михо 6:8). Шунингдек, «фурсат ва тасодиф» туфайли уларнинг ҳаётида кутилмаган ўзгаришлар юз бериб, жамоатдаги масъулиятларини бажара олмай қолишлари мумкинлигини инобатга олишлари даркор (Воиз 9:11, 12, ЯДТ; Ёқб. 4:13, 14). Яҳованинг қўзичоқларига чин дилдан қайғурадиган, келажакни ўйлайдиган оқсоқоллар садоқатли хизмати давомида орттирган тажрибасини ёш биродарлар билан ўз вақтида бўлишишади (Забур 70:17, 18 ни ўқинг).

9. Келажакда бўладиган қайси воқеа таълим бериш ниҳоятда муҳимлигини кўрсатмоқда?

9 Яна қайси сабабларга кўра бошқаларга таълим берадиган оқсоқолларни сурув учун барака дея оламиз? Улар жамоатларнинг ҳимоясини кучайтиришади. Қандай қилиб? Оқсоқоллар таълим бериши орқали, жамоат мустаҳкам ва ҳамжиҳат қолишига кўмаклашишга тайёр бўлган биродарлар янада кўпаяди. Улар нафақат ҳозир, балки келажакдаги буюк қайғу давомида нотинч вақтларда жамоатларни қўллаб-қувватлашади (Ҳиз. 38:10–12; Михо 5:5, 6). Шундай экан, азиз оқсоқоллар, бошқаларга таълим беришга бугуннинг ўзида мунтазам вақт ажратинг.

10. Бошқаларга таълим беришга вақт ажратиш учун оқсоқоллар нима қилишлари лозим?

10 Албатта, жамоатнинг муҳим ишларига ғамхўрлик қилиш аксарият вақтингизни олиши мумкинлигини тушунамиз. Бироқ ўша ишларга кетадиган вақтингиздан бир озини тежаб, уни таълим беришга ажратишингиз лозим (Воиз 3:1). Вақтингизни бу тарзда сарфлаш келажакда жамоатга фойда келтиради.

ЯХШИ МУҲИТ ЯРАТИШ

11. а) Турли мамлакатларда яшовчи оқсоқоллар берган маслаҳатлар нимаси билан диққатга сазовор? б) Ҳикматлар 15:22 га биноан бошқа оқсоқолларнинг таклифларини муҳокама қилиш нега фойдали?

11 Яқинда, бошқаларга маънан улғайишга ёрдам бераётган бир гуруҳ оқсоқоллардан, таълим беришга қандай ёндашишлари ҳақида сўралган эди *. Ушбу биродарларнинг шароитлари бир-биридан умуман фарқ қилса-да, уларнинг маслаҳати ўша-ўша эди. Бу нимани исботламоқда? Муқаддас Китобга асосланган таълим, Павлуснинг давридагидек «ҳар ерда, барча жамоатлардаги» шогирдларга қўл келади (1 Кор. 4:17). Бу ва кейинги мақолада, ўша оқсоқоллар айтган айрим таклифларни муҳокама қиламиз (Ҳик. 15:22). Тушуниш осон бўлиши учун мақолаларда, таълим бераётганлар «устоз», ўрганаётганлар эса «шогирд» деб аталади.

12. Устоз нима қилиши керак ва нега?

12 Устоз таълим бериш учун яхши муҳит яратиши керак. Боғбон уруғ экишдан олдин ерга ишлов бергани ёки юмшатгани каби, устоз ҳам шогирдга янги сабоқ беришдан аввал унинг қалбини тайёрлаши ёки руҳини кўтариши лозим. Хўш, устоз бошқаларга таълим бериш учун қай йўсин яхши муҳит ярата олади? Қадимда яшаган бир пайғамбарнинг усулларига тақлид қилиб, бунга эришиш мумкин. У қандай усулларни қўллаган экан?

13–15. а) Шомуил пайғамбар қандай топшириқ олган? б) Шомуил Шоулни янги вазифасига қандай тайёрлаган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) в) Шомуил ҳақидаги ҳикоя нега айниқса оқсоқоллар учун муҳим аҳамиятга эга?

13 Тахминан 3 000 дан зиёд йил аввал, Яҳова Шомуил исмли кекса пайғамбарга шундай деган эди: «Эртага шу вақтда сенинг олдингга Бенямин юртидан биттасини юбораман. Унинг бошига мой суртиб танла. У халқим Исроилнинг ҳукмдори бўлсин» (1 Шоҳ. 9:15, 16). Шомуил, халқ йўлбошчиси сифатидаги фаолияти ўз ниҳоясига етганини ва Яҳова унинг ўрнига бошқа кишини мойлаганини тушунган. Унинг хаёлидан: «Бу кишини, вазифасини бажаришга қандай тайёрлайман?» — деган фикр ўтгандир. Шомуилнинг ақлига фикр келган ва у режа тузган.

14 Эртаси куни Шомуил Шоулни кўрганида, Яҳова пайғамбарга: «Ана Мен сенга айтган одам»,— деган. Сўнг, Шомуил режасини амалга оширишга тушган. У Шоулни овқатланишга таклиф қилди. Ўша ерда у, Шоулни ва хизматкорини дастурхон тўрига ўтқазиб, гўштнинг энг яхши қисмини берди ва унга: «Мана, сен учун ажратиб қўйилган улуш, марҳамат, е!» — деди. Кейинроқ эса, улар пайғамбарнинг уйи томон йўл олишди ва йўл-йўлакай суҳбатлашишди. Шомуил, мазали таом билан сийлаб ва шошмасдан сайр қилиб, ёқимли муҳит яратишни истаган. Кейин у, Шоулни уйининг томига таклиф қилди. Салқин кечки шабада эсиб турганда, ухлаш пайти келмагунча Шомуил «уйининг томида Шоул билан суҳбатлашди». Эртасига Шомуил Шоулнинг бошига мой суртиб, уни ўпди ва кўп йўл-йўриқлар берди. Сўнгра, юз берадиган воқеаларга Шоулни тайёрлаб, жўнатиб юборди (1 Шоҳ. 9:17–27; 10:1).

15 Албатта, одамни халқ йўлбошчиси сифатида мойлаш, биродарларга оқсоқол ва жамоат хизматкори бўлиш учун таълим бериш билан баробар эмас. Шундай бўлса-да, бугун оқсоқоллар Шомуилнинг усулларидан қимматли сабоқлар олишлари мумкин. Уларнинг иккитасини кўриб чиқайлик.

ЖОНКУЯР УСТОЗЛАР ВА ЧИН ДЎСТЛАР

16. а) Исроилликлар шоҳ тайинлашни сўрашганида, Шомуил нималарни ҳис қилган? б) Яҳова Шоулни мойлаш кераклигини айтганида, Шомуил қандай муносабат билдирган?

16 Мажбурлик эмас, тайёрлик ила қилинг. Шомуил, исроилликлар одамлар орасидан шоҳ тайинланишини хоҳлаётганларини илк бор эшитганида, кўнгли совиб, ўзини рад этилгандай ҳис қилган (1 Шоҳ. 8:4–8). Пайғамбар халқнинг талабини бажаришни сира ҳам истамагани учун, Яҳова халққа қулоқ солиш кераклигини унга уч марта айтган (1 Шоҳ. 8:7, 9, 22). Бироқ Шомуил, унинг ўрнини эгаллайдиган кишига нисбатан қалбида норозилик ва хафалик илдиз отишига йўл қўймаган. Яҳова Шоулни мойлаш кераклигини айтганида, пайғамбар қулоқ солиб, буни мажбурият юзасидан эмас, балки севги туфайли тайёрлик ила қилган.

17. Бугунги оқсоқоллар Шомуилга қай йўсин эргашишади ва ўзларини бундан қандай ҳис қилишади?

17 Шомуил каби тажрибали оқсоқоллар ҳам таълим бераётган кишиларига меҳрибонликни намоён этишади (1 Бутр. 5:2). Бундай оқсоқоллар шогирдларга жамоатдаги муайян вазифаларини топширишга тўғри келишидан қўрқиб, таълим беришдан бош тортишмайди. Бағри кенг устозлар тиришқоқ шогирдларни рақиб эмас, жамоат учун қимматбаҳо совғадай бўлган «хизматдошлар» деб билишади (2 Кор. 1:24; Иброн. 13:16). Шогирдлар ўз қобилиятларини жамоатнинг равнақи учун қўллаётганини кўрган беғараз устозлар, чуқур мамнуният ҳис қилишади (Ҳавор. 20:35).

18, 19. Оқсоқол шогирднинг қалбини қандай тайёрлаши мумкин ва нега бундай ёндашув жуда муҳим?

18 Шунчаки устоз эмас, дўст бўлинг. Шомуил Шоулни учратган куни мой қуйилган идишни олиб, тезда унинг бошига қуйиши ва янги шоҳни ўз йўлига жўнатиб юбориши мумкин эди. У ҳолда, шоҳ мойлангани билан Худонинг халқини бошқариш учун тайёр бўлмас эди. Аммо Шомуил меҳр ила Шоулнинг қалбини аста-секин тайёрлаш учун вақт ажратди. Фақат мазали таом, ёқимли сайр, узоқ суҳбат ва яхши ҳордиқдан сўнггина, пайғамбар Шоулни мойлашнинг айни пайти келганини тушунди.

Таълим бериш дўстона муносабатларни ривожлантиришдан бошланади (18-, 19- хатбошиларига қ.)

19 Шу сингари, устозлар ҳам таълим беришни эркин муҳит яратиш ва дўстона муносабатларни ўрнатишдан бошлашлари лозим. Оқсоқоллар бундай илиқ муносабатларни ривожлантириш учун қиладиган уринишлари, турли мамлакатлардаги маҳаллий шароит ва урф-одатларга қараб фарқ қилиши мумкин. Қаерда яшашингиздан қатъи назар, банд оқсоқол сифатида шогирдга вақт ажратсангиз унга худди: «Мен учун муҳимсиз»,— дегандай бўласиз (Римликларга 12:10 ни ўқинг). Ҳар ердаги жонкуяр шогирдлар, бундай сўзсиз изҳорларни яққол тушуниб, ниҳоятда қадрлашлари турган гап.

20, 21. а) Муваффақиятли устозни қандай таърифлардингиз? б) Келаси мақолада нимани муҳокама қиламиз?

20 Қадрли оқсоқоллар шуни унутмангки, муваффақиятли устоз нафақат таълим беришни, балки таълим олаётган инсонни ҳам севади (Юҳанно 5:20 ни солиштиринг). Энг муҳими эса, устознинг меҳр ила қилган муносабатини шогирд тезда илғайди ва бу, олаётган таълимни амалда қўллашига ҳам қаттиқ таъсир қилади. Шундай экан, муҳтарам оқсоқоллар таълим бераётиб шунчаки устоз эмас, балки дўст ҳам бўлинг (Ҳик. 17:17; Юҳан. 15:15).

21 Шогирднинг қалбини тайёрлагач, оқсоқол унинг малакасини оширишга бел боғлайди. Бу борада оқсоқол қайси усулларни қўллаши мумкин? Бу ҳақда келаси мақолада муҳокама қиламиз.

^ 3- х.б. Бу ва кейинги мақола асосан оқсоқолларга қаратилган. Бироқ жамоатнинг барча аъзолари бу масалага эътиборли бўлишлари лозим. Нега? Чунки бу мақолалар, сувга чўмган барча биродарлар, жамоатда кўпроқ вазифаларни бажариш учун таълим олиш муҳимлигини тушунишларига кўмаклашади. Мақсадга эришилганида эса, ҳамма фойда олади.

^ 11- х.б. Бу оқсоқоллар Австралия, Бангладеш, Бельгия, Бразилия, Жанубий Африка, Корея, Мексика, Намибия, Нигерия, Реюнон, Россия, Франция, Франция Гвианаси, Япония ва Қўшма Штатларда яшашади.