Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

 ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР

У адолатсизлика чидаб келган

У адолатсизлика чидаб келган

ИЛЁС Иордан водийси бўйлаб айланиб юрибди. У бир неча ҳафта давомида саёҳат қиляпти. Энди эса у Хорев тоғидан шимолга қараб йўлида давом этяпти. Охири у Исроилга қайтиб, она юртидаги ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўряпти. Ҳозир бу ерда узоқ вақт давом этган қурғоқчиликдан кейин секин-аста ҳамма нарса ўз ҳолига қайтяпти. Кузги майин ёмғирлар ёғишни бошлагани боис, деҳқонлар ҳам ерларини ҳайдашга чиқишди. Бундан пайғамбарнинг қалби хотиржамликка тўлган бўлиши мумкин, лекин уни ташвишга солаётган нарса, одамларнинг аҳволидир. Уларнинг орасида ҳалигача сохта худо Баалга сиғиниш кенг тарқалгани сабабли, улар маънан сусайиб қолишганди. Шунинг учун Илёсни олдинда ҳали кўп иш кутарди *.

Овил-махла шаҳрининг яқинида Илёс қишлоқ хўжалик ишлари кенг кўламда ва қизғин олиб борилаётганини кўряпти. Ўша ерда бир неча киши ўн икки жуфт ҳўкиз билан зах ерда эгатлар қолдириб, ер ҳайдашаётган эди. Илёс излаётган киши ўн иккинчи жуфт ҳўкизни ҳайдаётган эди. Бу, Тангри Яҳова Илёснинг ўрнига тайинлаган Элишай исмли киши эди. Илёс бу кишини кўришни жуда истаганди, сабаби, Илёс ёлғиз ўзи Худованд Яҳовага хизмат қилаётганди (3 Шоҳлар 18:22; 19:14–19).

Илёс вазифаларини кимгадир ишониб топшириш, имтиёзлари билан бўлишиш ёки ўрни пасайиши борасида сал бўлса ҳам ўйлаганми? Бунга аниқ жавоб йўғ-у, аммо бундай ташвишлар уни хавотирга солгани ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Ахир, у ҳам «биз каби инсон эди-ку» (Ёқуб 5:17). Ҳар ҳолда, Муқаддас Китобга кўра, «Илёс Элишайнинг ёнидан ўтаётиб, чакмонини унинг устига ташлади» (3 Шоҳлар 19:19). Илёснинг чакмони эҳтимол, қўй ёки эчки терисидан тикилган бўлиб, плаш тариқасида кийиларди ва Тангри Яҳовадан олинган махсус топшириқнинг белгиси эди. Элишайнинг устига буни ташлаш, чуқур маънога эга бўлган ишора эди. Илёс Тангри Яҳованинг Элишайни ўринбосар қилиб тайинлаш буйруғини жон деб бажарди. Ҳа, Илёс Аллоҳга таяниб, Унга итоат қилди.

Илёс камтарлик ила Элишайни ўз ўринбосари қилиб тайинлади

Ўз навбатида Элишай кекса пайғамбарга ёрдам беришни жуда истарди. Элишай дарҳол Илёснинг ўрнини эгалламади. Қарийб олти йил у кекса пайғамбарга камтарлик ила ёрдам бериб, унга ҳамроҳ бўлган. Кейинчалик Элишай «Илёснинг қўлига сув қўйиб турадиган» киши деб танилган (4 Шоҳлар 3:11, изоҳ). Ҳа, бундай қобилиятли, ажойиб ҳамроҳдан Илёс анча далда олган бўлса керак! Бу икки киши қалин дўст бўлиб қолишгани эҳтимолдан йироқ эмас. Уларнинг ўзаро далда бериши уларга ўша юртда кенг тарқалган адолатсизликка дош беришга ёрдам бергани турган гап. Чунки ўша пайтдаги айниқса шоҳ Ахабнинг ёвузлиги кундан-кун ошиб борарди.

Сиз-чи, адолатсизликка қачондир дуч келганмисиз? Албатта, ахир ҳаммамиз бу ёвуз дунёда яшаяпмиз-ку. Шундай экан, ўзингизга бундай адолатсизликка дош беришга кўмаклашадиган ва Худони чин қалбдан яхши кўрадиган дўст топинг. Боз устига, адолатсизликка қандай чидаб бериш борасида Илёсдан ҳам кўп нарса ўрганиб олишингиз мумкин.

 «АХАБНИ КУТИБ ОЛИШ УЧУН ЧИҚ»

Илёс билан Элишай одамларни маънан қўллаб-қувватлаш учун кўп тер тўкишарди. Ҳойнаҳой улар, биргаликда таълим олишга гуруҳ-гуруҳ қилиб ташкиллаштирилган бошқа пайғамбарларга насиҳат беришарди. Лекин вақт ўтиб, Илёс Тангри Яҳовадан: «Исроил шоҳи Ахабни кутиб олиш учун чиқ»,— деган янги топшириқ олади (3 Шоҳлар 21:18). Қизиқ, нега Аллоҳ ўз пайғамбарини Ахабнинг олдига юборди?

Бу шоҳ ўзидан аввал ўтган ҳамма Исроил шоҳларидан зиёда гуноҳ қилган. У Изабелга уйланиб, худо Баалга сиғиниш тарқалиб кетишига йўл қўйган ва ўзи ҳам бунда иштирок этган (3 Шоҳлар 16:31–33). Баалга сиғиниш ҳосилдорлик маросимини, саждагоҳларда фоҳишабозлик билан шуғулланишни ва ҳатто болаларини қурбонликка келтиришни ўз ичига оларди. Бундан ташқари, Ахаб Суриянинг шоҳи Банҳададни ўлдириш борасидаги Худованд Яҳованинг буйруғига бўйсунмади. Ахаб кўпроқ пул орттириш мақсадида бундай йўл тутгани шубҳасиз (3 Шоҳлар 20). Ҳа, тамагир, молпараст ва шафқатсиз бўлишгани учун Ахаб билан Изабел ёмон ишларга ботиб кетишган эди.

Ахабнинг Самарияда саройи бор бўлиб, роса дабдабали эди! Шунингдек, тахминан 37 километр нарида, Йизрилда ҳам унинг саройи бор эди. Ўша саройнинг ёнида бир узумзор жойлашган эди. Ахаб Навўт исмли кишига тегишли бўлган ернинг бир қисмига кўз олайтирарди. Бир куни Ахаб уни ёнига чақириб, узумзорини сотишни ёки алмаштиришни таклиф қилди. Аммо Навўт унга: «Оталаримдан қолган меросни сизга бераманми?! Худо сақласин»,— деб жавоб қайтарди (3 Шоҳлар 21:3). Хўш, Навўт шунчалик ўжар ва бемулоҳаза эдими? Кўплар шундай деб тахмин қилишади. Аслида эса, у Исроил халқи мерос қилиб олган ерни узоқ вақтга сотишни ман этадиган Аллоҳ Яҳованинг қонунига итоат қилди (Левилар 25:23–28). Навўт Худонинг қонунини бузишни ҳаёлига ҳам келтирмасди. Гарчи Ахабга бундай жавоб қайтариш хавфли эканини билса ҳам, Навўт жасорат ва имонни намоён этган.

Бироқ Ахаб Аллоҳ Яҳованинг қонуни тўғрисида ҳеч ҳам ўйламасди. У ўз мақсадига эришмай уйига хафаҳол қайтиб келди-да, «нон ҳам емай ўринга кириб, тескари қараб ётаверди» (3 Шоҳлар 21:4). Изабел, эри лаб-лунжи осилган бола каби аразлаганини кўргач, унинг кўнглини олиш учун у дарҳол ўша одил инсонни йўқ қилиш режасини тузади.

Унинг ёвуз режасини ўқиб, лол бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Худонинг қонунига кўра, жиддий гуноҳ қилганида одамни айблаш учун иккита кишининг гувоҳлиги талаб қилинишини Изабел биларди (Қонунлар 19:15). Шунинг учун, у Ахаб номидан мактублар ёзиб, уларни Йизрилнинг мавқели одамларига беради ва уларга Навўтга қарши сохта айбловлар айтадиган иккита кишини топишни буюради. Ўша айбловлар лаънатдан иборат бўлиб, ўлим жазоси билан тугаши керак эди. Минг афсуски, унинг режаси амалга ошди. Иккита «ярамас» кишилар Навўтга қарши сохта гувоҳлик беришди ва натижада уни тошбўрон қилиб ўлдиришди. Бироқ Навўтни ўлдирганлари етмагандек, ўғилларини ҳам ўлдиришди * (3 Шоҳлар 21:5–14;  Левилар 24:16; 4 Шоҳлар 9:26). Аслида Ахаб хотини Изабелга ўзбошимчалик қилишга ва айбсиз одамларни ўлдиришга йўл қўйиб, ўзининг бошчилигини оёқ ости қилишга имкон яратди.

Тангри Яҳова шоҳнинг ва хотинининг қилмишларини Илёс пайғамбарга очиб берганда, у нималар ҳис қилган бўлиши мумкинлигини бир тасаввур қилинг-а! Ҳа, фосиқлар айбсиз кишиларнинг устидан ғалаба қозонганда, ҳар бир кишининг ҳафсаласи пир бўлиши мумкин! (Забур 72:3–5, 12, 13). Бугунги кунда ҳам биз адолатсизликнинг гуллаб-яшнаётганини кўришимиз мумкин, баъзида бу ҳатто Аллоҳнинг вакиллари деб ном олган ваколатли кишилардан чиқади. Шунга қарамай, мазкур ҳикоядан тасалли топишимиз мумкин. Муқаддас Китобда ёзилишича, ҳеч нарса Аллоҳ Яҳованинг назаридан четда қолмайди. Зеро «Унинг кўзи олдида ҳамма нарса очиқ-ойдиндир» (Ибронийларга 4:13). Хўш, У бундай ёмон ишларни кўрганида, қандайдир чоралар кўрадими?

«ҲА, ДУШМАНИМ, МЕНИ БУ ЕРГА ҲАМ ТОПИБ КЕЛДИНГМИ?»

Худованд Яҳова Илёс пайғамбарни шоҳ Ахабнинг олдига жўнатиб: «У ҳозир Навўтнинг узумзорида»,— деб айтди (3 Шоҳлар 21:18). Хотини Изабел шоҳга Навўтнинг узумзори энди уники деб айтганда, у янги мулкка эга бўлганидан хурсанд бўлиб, дарров ўша ерга югуриб борди. Лекин унинг ишлари Тангри Яҳова учун кундек равшан эканлиги етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Шоҳ ўша узумзорда айланиб юрганида, қандай ажойиб боғ қилиш мумкинлиги борасидаги орзу-ҳавасларга чўмган пайтдаги юзини бир тасаввур қилинг. Аммо, дабдурустдан Илёс пайдо бўлди! Бахтиёрликдан чарақлаб турган юзини ғазаб ва нафрат эгаллаб: «Ҳа, душманим, мени бу ерга ҳам топиб келдингми?» — деди Ахаб (3 Шоҳлар 21:20).

«Ҳа, душманим, мени бу ерга ҳам топиб келдингми?»

Ахабнинг сўзларидан у иккита муҳим масалада янглишгани кўриниб турибди. Биринчидан, у Илёсга: «Мени бу ерга ҳам топиб келдингми?» деганда, унинг Тангри Яҳова ҳақида умуман ўйламаганлиги аён бўлди. Айнан Худованд Яҳова Ахабни аллақачон «топган» эди. Ҳа, Изабел тузган маккорона режасининг оқибатларидан фойдаланиб, Ахаб атайин ёвузлик қилганини Яҳова кўриб турарди. Ахабнинг юрагида моддий нарсаларга бўлган севги раҳм-шафқатдан ва адолатдан устун турганини Аллоҳ кўрган. Иккинчидан, «Ҳа, душманим», деб айтганда, Ахаб Тангри Яҳованинг дўстига ҳамда уни ёмон йўлдан қайтишига ёрдам бера оладиган бу кишига нафратини кўрсатган.

Бу воқеадан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Худованд Яҳованинг назарида ҳеч нарса четда қолмаслигини ҳамиша ёдда тутишимиз керак. Меҳрибон Ота каби Яҳова, биз тўғри йўлдан оғаётганимизни билиб туради ва ўзгаришимизни жуда  истайди. Бизга ёрдам бериш учун У кўпинча дўстларидан, яъни Илёс каби Худонинг каломини хизматчиларига етказадиган содиқ кишилардан фойдаланади. Хуллас, Худонинг дўстларини душманларимиз каби ҳисоблаш катта хато бўларди! (Забур 140:5).

Илёс Ахабга: «Ҳа, топиб келдим»,— деб жавоб бераётганини тасаввур қилинг. Ахаб ўғри, қотил эканини ва Тангри Яҳовага қарши исён кўтарганини Илёс биларди. Ҳа, ўша ёвуз кишининг олдига бориш учун Илёсга жасорат керак бўлгани турган гап! Бунга қарамай, у Ахабга чиқарилган Худонинг ҳукмини айтди. Ахабнинг оиласи дастидан ёвузлик тарқалаётганини ва бу бошқа одамларга таъсир қилаётганини Тангри Яҳова кўриб турган. Шунинг учун, Илёс Ахабнинг «илдизидан қуритиб», наслини бутунлайин йўқ қилиши тўғрисидаги Худонинг гапларини етказган. Шунингдек, у Изабелни ҳам нима кутиши тўғрисида айтди (3 Шоҳлар 21:20–26).

Бугунги кунда одамлар ёвуз ҳаракатлари учун жазоланмайди, деб ўйлашимиз мумкин. Лекин Илёс бундай фикрда бўлмаган. Ушбу воқеа Тангри Яҳова бўлаётган нарсаларни нафақат кўра олишини, балки У Ўз вақтида адолат ўрнатишини эслатиб турибди. Унинг Каломи барча ноҳақликларга абадулабад чек қўйиладиган замон келишига бизни ишонтиряпти (Забур 36:10, 11). Эҳтимол, сизда шундай саволлар туғилар: «Худонинг ҳукмлари ҳамиша жазо билан боғлиқми? Ёки Унинг ҳукмларида раҳм-шафқат намоён бўладими?»

«КЎРДИНГМИ, АХАБ... МЕНИНГ ОЛДИМДА ҚАНДАЙ МЎМИН БЎЛИБ ҚОЛДИ!»

Ахаб Худонинг ҳукмига кўрсатган муносабатидан Илёс ҳайрон қолган бўлиши мумкин. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Ахаб Илёснинг айтганларини эшитиб, қайғудан кийимларини йиртди, эгнига қанор илиб олди, рўза тутди, қанор кийиб ухлади, доимо ғамгин юрди» (3 Шоҳлар 21:27). Ахаб қилган хатоларидан тавба қилганми?

Ҳеч бўлмаганда, у сал бўлса ҳам яхши томонга ўзгарган, деб айтишимиз мумкин. Ахаб мўмин бўлиб қолди ва мағрур одам учун бу қийин бўлгани турган гап. Лекин бу самимий тавба бўлганми? Солиштириш учун ёвузлиги бўйича Ахабдан ўтиб тушган кейинги шоҳ Манашенинг мисолини кўриб чиқайлик. Тангри Яҳова Манашени жазолаганида, у мўмин бўлиб, Худованд Яҳовадан ёрдам сўраган ва шунга яраша ҳаракатлар ҳам қилган. У ўзининг ҳаёт тарзини ўзгартирди: ўзи ўрнатган бутлардан халос бўлиб, Худованд Яҳовага хизмат қилишга ҳаракат қилди ва ҳатто одамларни ҳам бундай қилишга ундади (2 Солномалар 33:1–17). Ахаб томондан бундай ҳаракатлар кўринганми? Афсуски, йўқ.

Ахаб халқ олдида тавба қилганини Тангри Яҳова кўрганми? Худованд Яҳова Илёсга шундай деди: «Кўрдингми, Ахаб тавба қилиб, Менинг олдимда қандай мўмин бўлиб қолди! У Менга итоат қилгани учун... бошига бало келтирмайман. Ўғли шоҳ бўлгандан сўнг, унинг хонадонига бало-қазо ёғдираман» (3 Шоҳлар 21:29). Бу билан Тангри Яҳова Ахабни кечиришини кўрсатдими? Йўқ, фақатгина самимий тавба раҳм-шафқат қилинишига сабаб бўлиши мумкин (Ҳизқиё 33:14–16). Аммо Ахаб озгина бўлса ҳам, самимий афсус чекканини кўрсатгани учун Аллоҳ Яҳова унга муайян даражада раҳм-шафқат кўрсатди: Ахаб бутун хонадонинг йўқ қилинишини кўрмади.

Бироқ Яҳованинг ҳукми ҳалигача ўзгаргани йўқ. Кейинчалик Худованд Яҳова Ахабни ҳаётдан маҳрум этиш масаласи бўйича Ўз фаришталари билан маслаҳатлашиб, уни урушга жўнатиш йўлини топди. Бундан кейин Яҳованинг Ахабга чиқарган ҳукми амалга ошди. Урушда жароҳат олиб, Ахаб ўзининг икки ғилдиракли аравасида кўп қон йўқотганидан қазо қилди. Муқаддас Китобда бу ҳодиса борасида бир даҳшатли тафсилот келтирилган: аравани ювиб бўлишгач, баъзи итлар шоҳнинг қонини ялашди. Айнан шундай оммавий тарзда Илёс Ахабга етказган Тангри Яҳованинг: «Навўтнинг қонини кўппаклар ялаган ерда сенинг қонингни ҳам кўппаклар ялайди», деган сўзлари амалга ошди (3 Шоҳлар 21:19; 22:19–22, 34–38).

Ҳа, Тангри Яҳова Навўтнинг жасорати ва имонини унутмади. Илёс, Элишай ҳамда Худонинг бошқа содиқ хизматчилари учун Ахабнинг мисоли бунинг бир тасдиғидир. Эртами кечми адолатли Ҳакамимиз ёвузликка чек қўяди. Лекин раҳм-шафқат кўрсатилишига сабаб бўлса, У албатта шундай қилади (Саҳрода 14:18). Ўша ёвуз шоҳнинг ҳукмронлиги остида ўнлаб йиллар чидаб келган Илёс қандай ажойиб ўрнак кўрсатди! Сиз ҳам адолатсизликнинг қурбони бўлдингизми? Аллоҳ бунга чек қўйишини истайсизми? Агар шундай бўлса, Илёснинг имонига тақлид қилсангиз арзийди. У, ўзининг содиқ ҳамроҳи Элишай билан адолатсизликка чидаб келиб, Аллоҳнинг хушхабарини ваъз этишда давом этишган!

^ 3- х.б. Тангри Яҳова ер юзига уч ярим йиллик қурғоқчиликни келтириб, ёмғир ва ҳосил берувчи худо деб топинаётган Баалнинг ожизлигини кўрсатган (3 Шоҳлар 18- боб). «Қўриқчи минораси» журналининг 2008 йил 1 январь ва 1 апрель сонидаги (рус) «Имонларига эргашинглар» туркуми остидаги мақолаларга қаранг.

^ 13- х.б. Изабел узумзорга эгалик қилиш ҳуқуқи Навўтнинг меросхўрларига ўтишидан қўрққани учун Навўт ўғилларининг ўлдирилишини уюштиргани эҳтимолдан йироқ эмас. Нега Худо бунга йўл қўйганлиги ҳақида ушбу соннинг «Журналхонларнинг саволлари» номли туркумида билиб олишингиз мумкин.