Асосий материалларга ўтиш

Муқаддас Китобга кўра, Ер яссими?

Муқаддас Китобга кўра, Ер яссими?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Йўқ, Муқаддас Китобда ер ясси экани тўғрисида айтилмаган a. Муқаддас Китоб илмий китоб бўлмаса-да, у ерда ёзилганлар илмий далилларга зид эмас. Муқаддас Китобда ёзилганлар «ҳозир ва тоабад — ҳамиша мустаҳкам туради». (Забур 111:8)

 Муқаддас Китобда «ернинг тўрт бурчаги» дейилганда нима назарда тутилган?

 Муқаддас Китобдаги «ернинг тўрт бурчаги» ва «ернинг четлари» ибораларини гўёки ер тўртбурчак ёки унинг охири бордай том маънода тушуниш керак эмас. (Ишаё 11:12; Аюб 37:3) Аксинча, мазкур иборалар бутун ер сатҳига ишора қилиш учун рамзий маънода қўлланилган бўлиши мумкин. Қолаверса, Муқаддас Китобда «шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан» сўзлари худди шундай маънода ишлатилган. (Луқо 13:29)

 Ибронийчадан «бурчаги» ёки «четлари» деб таржима қилинган сўзлар «қанотлар» сўзига асосланган рамзий ибора бўлиши мумкин. Бир манбага биноан, «қуш палапонини бекитиш учун қанотидан фойдалангани каби, четлари деган маънони берадиган ибронийча сўз ҳам ёйилиб турган ҳар қандай нарсанинг четларини тасвирлаш учун қўлланилган». Ўша манбада айтилишича, Аюб 37:3 ва Ишаё 11:12 даги «ибора соҳилларни, чегараларни ёки ер сатҳининг четларини билдиради» b.

 Иблис Исони васваса қилгани борасида нима деса бўлади?

 Исони васваса қилиш учун «Иблис уни ниҳоятда баланд тоққа олиб чиқди ва дунёнинг барча шоҳликларини ҳамда уларнинг улуғворлигини кўрсатди». (Матто 4:8) Баъзиларнинг таъкидлашича, Муқаддас Китобдан юқорида келтирилган оятларга кўра, ер ясси ва унинг қайсидир жойидан бутун дунёни кўриш мумкин. Лекин бу ерда келтирилган «ниҳоятда баланд тоғ» ибораси бу том маънодаги жой эмаслигини кўрсатяпти. Бундай хулоса нега ўринли экани борасида ўйлаб кўринг.

  •   Дунёнинг барча шоҳликлари кўринадиган тоғнинг ўзи йўқ.

  •   Иблис Исога нафақат барча шоҳликларни, балки «уларнинг улуғворлигини» ҳам кўрсатди. Бундай тафсилотларни узоқ масофадан кўришнинг имкони йўқ. Шу боис, эҳтимол, Иблис ваҳийга ўхшаш қандайдир кўриниш ёрдамида уларни Исога кўрсатган. Буни одам проектор ва экрандан фойдаланиб, кимгадир ер юзининг турли жойларини кўрсатгани билан солиштирса бўлади.

  •   Луқо 4:5 да Иблис Исога «бир лаҳзада дунёнинг барча шоҳликларини кўрсатди» дейилган. Аммо инсон учун буни кўриш имконсиздир. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, Иблис том маънода кўриш мумкин бўлган нарса орқали эмас, балки бошқача усул билан Исони васваса қилган.

a Муқаддас Китобда: «Аллоҳ ер шари узра маскан қурган»,— деб айтилган. (Ишаё 40:22) Баъзи манбаларга кўра, бу ерда «шар» деб ўгирилган сўз доира деган маънони англатиши мумкин. Аммо ҳамма олимлар ҳам бу фикрга қўшилмайди. Қандай бўлмасин, Муқаддас Китобда ер ясси эканини тасдиқлайдиган ҳеч қандай фикр йўқ.

b «The International Standard Bible Encyclopedia», қайта кўриб чиқилган нашр, 2- жилд, 4- саҳ.