Асосий материалларга ўтиш

«Замон охирлаб бораётгани»нинг белгиси.

«Замон охирлаб бораётгани»нинг белгиси.

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китобда ушбу «замон охирлаб бораётганини» кўрсатувчи воқеалар ва шароитлар ҳақида ёзилган. (Матто 24:3) Муқаддас Китобда бу давр «охирзамон» деб аталган. (2 Тимўтийга 3:1; Дониёр 8:19)

«Охирзамон»га оид қандай башоратлар бор?

 Муқаддас Китобдаги башоратларга кўра, бир пайтда юз берадиган кўп воқеалар ва шароитлар «охирзамон»да яшаётганимизни кўрсатувчи «белги» бўлиб хизмат қилади. (Луқо 21:7) Айрим мисолларни кўриб чиқайлик:

 Кенг миқёсдаги урушлар. Исо пайғамбарнинг башоратига кўра «халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади». (Матто 24:7) Шунингдек, Ваҳий 6:4 да башорат қилинганидек, урушлар рамзи бўлган чавандозга «дунёдан тинчликни олишга» рухсат этилади. (Ваҳий 6:4)

 Очарчилик. Исо пайғамбар «озиқ-овқат етишмовчилиги» бўлишини башорат қилган эди. (Матто 24:7) Ваҳий китобида яна бир чавандоз ҳақида башорат қилинган бўлиб, унинг келиши кенг миқёсда очарчиликка сабаб бўлади. (Ваҳий 6:5, 6)

 Кучли зилзилалар. Исо пайғамбар «бир жойда, кейин бошқа жойда... зилзилалар бўлади» деган эди. (Матто 24:7; Луқо 21:11) Дунё бўйлаб юз берадиган бу кучли зилзилалар мисли кўрилмаган талафотлару кўп одамларнинг ўлимига сабаб бўлади.

 Ўлатлар. Исо пайғамбарнинг сўзларига кўра ўлатлар, яъни эпидемиялар юз беради. (Луқо 21:11)

 Жиноят кўпайиши. Гарчи жиноятчилик асрлар оша мавжуд бўлса ҳам, Исо пайғамбарнинг сўзларига кўра охирзамонда «қонунсизлик кўпайиб» кетади. (Матто 24:12)

 Одамлар ерни хароб қилиши. Ваҳий 11:18 да айтилишича, инсоният «ерни хароб этади». Улар буни турли йўллар билан, нафақат зўравонлик ва бузғунчилик қилиб, балки атроф-муҳитга зиён келтириб амалга оширишади.

 Одамлар орасидаги муносабатлар ёмонлашиши. Муқаддас Китобда айтилишича, аксарият одамлар «ношукур, садоқатсиз,.. муросасиз, туҳматчи, ўзини тута билмайдиган, шафқатсиз, яхшиликдан нафратланадиган, сотқин, ўзбошимча, мағрур» бўлиб кетади. Одамлар ўртасидаги муносабатлар шунчалик ёмонлашиб кетадики, бу даврга «ниҳоятда оғир вақтлар» деб таъриф берилган. (2 Тимўтийга 3:1–4)

 Оилавий муносабатлар ёмонлашиши. Худонинг Каломида башорат қилинишича, кўплар ўз оиласига нисбатан «меҳрсиз» бўлади, болалар эса «ота-онага итоатсиз» бўлади. (2 Тимўтийга 3:2, 3)

 Одамларнинг Худога бўлган севгиси совиши. Исо пайғамбар «кўпчиликнинг севгиси совийди» деб башорат қилган эди. (Матто 24:12) У бу билан айтмоқчи эдики, аксарият одамларнинг Худога бўлган севгиси тобора совиб бораверади. Шунингдек, бир оятда айтилганидай охирзамонда бундай кишилар «Аллоҳни эмас, айш-ишратни севадиган бўладилар». (2 Тимўтийга 3:4)

 Диндаги иккиюзламачилик. Худонинг Каломида башорат қилинишича, одамлар ўзини художўй қилиб кўрсатади-ю, амалда эса Аллоҳнинг айтганларига риоя қилмайди. (2 Тимўтийга 3:5)

 Муқаддас Китобдаги башоратларнинг тобора ойдинлашиб бориши. Дониёр пайғамбарнинг китобида башорат қилинганидай «охирзамон» пайтида кўплар Худо Каломидаги ҳақиқат сўзларини, шу қаторда ундаги башоратларни яхшироқ тушуна бошлайди. (Дониёр 12:4, изоҳ)

 Бутун дунё бўйлаб Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабар ваъз қилиниши. Исо пайғамбар шундай деб башорат қилган эди: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади». (Матто 24:14)

 Одамлар бефарқ ҳамда мазахчи бўлиши. Исо пайғамбар башорат қилиб айтган эдики, замона охирлаб бораётгани аниқ кўринса-да, умуман олганда одамлар ойдек равшан бўлган далилларга эътиборсиз бўлади. (Матто 24:37–39) Бундан ташқари, яна бир башоратда айтилишича, айримлар далиллар ҳақида «масхараомуз сўзларни айтиб», уларни бутунлай рад этишади. (2 Бутрус 3:3, 4)

 Барча башоратлар амалга ошиши. Исо пайғамбар айтган эдики, охирзамонда бу башоратларнинг бир нечтаси ёки аксарияти эмас, балки барчаси бир вақтнинг ўзида амалга ошади. (Матто 24:33)

Ҳозир биз «охирзамонда» яшаяпмизми?

 Ҳа. Дунёдаги аҳвол ҳамда Муқаддас Китоб хронологиясидан кўриниб турибдики, охирзамон 1914 йилда, яъни Биринчи жаҳон уруши содир бўлганда бошланган. Дунёдаги аҳвол биз охирзамонда яшаётганимизни кўрсатишини қуйидаги видеодан томоша қилинг:

 1914 йили Худонинг Шоҳлиги осмонда бошқаришни бошлади ва бу ҳукумат биринчи навбатда Шайтон Иблисни ва унинг жинларини осмондан ерга улоқтирди. (Ваҳий 12:7–12) Шайтоннинг инсониятга таъсирини аксарият одамларнинг ёмон муносабати ва ишларидан кўрса бўлади. Шунинг учун охирзамон «ниҳоятда оғир вақтлар» деб аталган. (2 Тимўтийга 3:1)

 Ниҳоятда оғир вақтлар дастидан кўплар қийналяпти. Улар жамиятдаги аҳвол жуда ёмонлашиб кетаётганидан ташвишда. Айримлар эса одамлар бир-бирини йўқ қилиб юборишидан қўрқяпти.

 Дунёдаги аҳволдан қийналаётган бошқа инсонлар эса келажакка умид билан қарашяпти. Улар яқинда Худонинг Шоҳлиги дунёдаги муаммоларни батамом ҳал қилишига қаттиқ ишонишади. (Дониёр 2:44; Ваҳий 21:3, 4) Улар Худо Ўз ваъдаларини амалга оширишини сабр билан кутишяпти ва Исо пайғамбарнинг мана бу сўзлари уларга тасалли беряпти: «Фақат охиригача чидаган қутулади». (Матто 24:13; Михо 7:7)