Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари болаларини ўз динини қабул қилишга мажбурлашадими?

Яҳованинг Шоҳидлари болаларини ўз динини қабул қилишга мажбурлашадими?

 Йўқ. Чунки Худога топиниш ҳар бир инсоннинг шахсий қарори. (Римликларга 14:12) Яҳованинг Шоҳидлари фарзандларига Муқаддас Китоб принципларини ўргатишади, аммо болалари улғайганида Яҳованинг Шоҳиди бўлиш-бўлмасликни уларнинг ўзи танлайди. (Римликларга 12:2; Галатияликларга 6:5)

 Кўп ота-оналар сингари Яҳованинг Шоҳидлари ҳам фарзандлари яхши ҳаёт кечиришини исташади. Улар болаларига фойдали деб билган нарсалар, жумладан, ҳунарга эга бўлиш, ахлоқий меъёрлар ва диний эътиқодлар борасида таълим беришади. Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китоб ҳаётнинг энг яхши йўлидан юришга ундашига ишонишади. Шунинг учун улар фарзандлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш ҳамда жамоат учрашувларига бориш орқали ундаги қадриятларни уларга пайванд қилишади. (Қонунлар 6:6, 7) Ҳар бир бола катта бўлганидан кейин ҳаммасини тарозига солиб кўриб ота-онасининг эътиқодини қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида ўзи қарор чиқаради.

 Яҳованинг Шоҳидлари чақалоқларни сувга чўмдиришадими?

 Йўқ. Муқаддас Китобда чақалоқларни сувга чўмдириш ҳақида ҳеч нима айтилмаган. Масалан, унда ёзилишича, биринчи асрда яшаган масиҳийлар сувга чўмишдан олдин хушхабарни эшитишган, уни «чин юракдан қабул қилиб», тавба қилишган. (Ҳаворийлар 2:14, 22, 38, 41) Демак, сувга чўмишдан олдин инсон Муқаддас Китоб таълимотларини тушунадиган, уларга ишонадиган ва бу таълимотлар бўйича яшаш ҳақида қарор чиқарадиган даражада катта бўлиши керак. Табиийки, чақалоқ бу нарсаларни қила олмайди.

 Болалар улғайгач, сувга чўмишни танлаши мумкин. Бироқ бу қадамни қўйиш учун улар бунинг масъулиятини тушунишлари керак.

 Агар болалари сувга чўммаса Яҳованинг Шоҳидлари улар билан алоқани узишадими?

 Йўқ. Гарчи ота-оналар фарзандлари уларнинг эътиқодини қабул қилмаганидан хафа бўлишса-да, улар болаларини яхши кўришади ва болалари Яҳованинг Шоҳиди бўлишни истамагани учунгина улар билан алоқани узишмайди.

Ҳар бир инсон неча ёшда бўлишидан қатъи назар сувга чўмиш ёки чўммаслик борасида ўзи қарор чиқариши керак

 Нега Яҳованинг Шоҳидлари болаларини ўзлари билан ваъзгўйликка олиб чиқишади?

 Биз фарзандларимизни бир нечта сабабга кўра ваъзгўйликка олиб чиқамиз a.

  •   Муқаддас Китоб ота-оналарни болаларига Худо ҳақида билим беришга ва Унга топинишни ўргатишга рағбатлантиради. (Эфесликларга 6:4) Худога топиниш имон ҳақида очиқдан-очиқ эълон қилишни ўз ичига олгани учун, ваъзгўйлик иши болаларга Худо ҳақида билим беришда муҳим ўринни эгаллайди. (Римликларга 10:9, 10; Ибронийларга 13:15)

  •   Муқаддас Китоб айниқса ёшларни «Худованд исмини мадҳ қилишга» ундайди. (Забур 148:12, 13; Туркия 1998) Худони мадҳ этишнинг асосий йўли У ҳақида бошқаларга айтишдир b.

  •   Болалар ота-онаси билан ваъзгўйликда иштирок этиб амалий фойда олишади. Мисол учун, улар ҳар хил инсонлар билан мулоқот қилишни ўрганишади, шунингдек, раҳмдиллик, меҳрибонлик, бошқаларни ҳурмат қилиш ва фидойилик каби бебаҳо фазилатларни ривожлантиришади. Қолаверса, эътиқодлари Муқаддас Китобга асосланганини яхшироқ тушуниб боришади.

 Яҳованинг Шоҳидлари байрам ва маросимларда иштирок этишадими?

 Яҳованинг Шоҳидлари Худога маъқул келмайдиган диний байрамларда ёки бошқа маросимларда иштирок этишмайди c. (2 Коринфликларга 6:14–17; Эфесликларга 5:10) Мисол учун, биз бутпарастликдан келиб чиққан туғилган кун ёки Янги йил каби байрамларда иштирок этмаймиз.

 Лекин биз оила даврасида вақт ўтказиш ва болаларимизга совғалар беришдан завқ оламиз. Биз йилнинг фақат муайян кунлари йиғилиб, совға беришнинг ўрнига йил давомида ўтиришлар ташкил қилиб, бир-биримизга совғалар улашамиз.

Масиҳий ота-оналар фарзандларига совғалар беришни яхши кўришади

a Одатда Яҳова Шоҳидларининг болалари ота-онаси ёки ёши катта бошқа киши билангина ваъзгўйликка чиқишади.

b Муқаддас Китобда ўз эътиқоди ҳақида бошқаларга гапириш орқали Худони мамнун қилган болаларнинг мисоллари бор. (4 Шоҳлар 5:1–3; Матто 21:15, 16; Луқо 2:42, 46, 47)

d Баъзи исмлар ўзгартирилган.