Асосий материалларга ўтиш

Ҳаётимизни соддалаштиришга қарор қилдик

Ҳаётимизни соддалаштиришга қарор қилдик

 Мадиан ва Марсела Колумбиянинг Медельин шаҳрида бекам-кўст ҳаёт кечиришарди. Мадиан яхши пул топгани учун, шинамгина уйда яшашарди. Лекин улар ҳаётида нима муҳимроқ экани борасида ўйлаб кўришга қарор қилишди. Уларни бунга нима ундади? Улар шундай деб бўлишди: «2006 йили “Кўзингиз оддий бўлсин” номли туман анжуманига бордик. Кўпгина нутқларда Худога тўла равишда хизмат қилмоқчи бўлсак, ҳаётимизни соддалаштиришимиз кераклиги ҳақида айтилди. Анжумандан сўнг биз аксини қилаётганимизни англадик. Муккасидан кетган харидорларга айланганимизни ва бу туфайли қарзга ботиб кетганимизни тушундик».

 Ушбу маънан уйғотадиган қўнғироқдан сўнг Мадиан билан Марсела ҳаётини соддалаштиришга киришди. Улар: «Ҳаражатларимизни секин-аста камайтирдик. Кичикроқ квартирага кўчдик, машинамизни сотиб, мопед харид қилдик»,— деди. Кейинчалик, улар бирон нималар харид қилиш васвасаси туғилмасин, деб савдо-сотиқ марказларига бормай қўйишди. Кўпроқ вақтини бошқаларга Муқаддас Китоб тўғрисида айтиб беришга сарфлайдиган бўлишди. Улар махсус кашшоф a, яъни Тангри Яҳовага ғайрат ила хизмат қиладиган инсонлар билан кўпроқ дўстлаша бошлашди.

 Вақт ўтгач, Мадиан ва Марсела ваъзгўйлар кам бўлган қишлоқдаги кичик бир жамоатда хизмат қилишга қарор қилишибди. У ерга бориш учун Мадиан ишидан бўшаши керак эди. Унинг бошлиғи бу ҳақида эшитганда, томи кетиб қолибди деб ўйлаган. Кейин Мадиан у билан гаплашаётиб: «Сиз жуда ҳам бойсиз, аммо бахтлимисиз?» — деб сўрабди. У анчагина муаммоларни ҳал қила олмаётгани туфайли бахтсиз эканини айтибди. Шунда Мадиан унга қуйидагича дебди: «Кўрдингизми, ҳаётда энг муҳими, қанча пул топиш эмас. Энг муҳими, сизни бахтли қиладиган нарсани топиш. Одамларга Худо ҳақида таълим бериш мен билан хотинимни бахтли қиляпти ва бундан ҳам кўпроқ бахтиёр бўлишни истаймиз. Шунинг учун бунга кўпроқ вақтимизни бағишламоқчимиз».

 Мадиан ва Марсела маънавий мақсадлар пайида бўлишаётгани боис ҳаётда чинакам мамнуният ва бахт топишмоқда. Улар сўнгги 13 йил давомида Колумбиянинг шимоли-ғарбидаги эҳтиёж катта бўлган жамоатларда хизмат қилишмоқда. Улар махсус кашшоф бўлиб хизмат қилиш шарафига эга бўлишганидан хурсанд.

a Махсус кашшофлар Яҳова Шоҳидларининг маҳаллий филиали томонидан муайян ҳудудларда хушхабарни ваъз қилиш учун тайинланади. Бу фаолият учун улар деярли бор вақтини сарфлашади. Асосий эҳтиёжларини қондира олиши учун филиал уларга оз-моз пул ажратган.