Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари учрашиш масаласида қоидаларга эгами?

Яҳованинг Шоҳидлари учрашиш масаласида қоидаларга эгами?

 Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги принцип ва амрлар Худога маъқул ҳамда фойдали қарорлар чиқаришга ёрдам беришига ишонишади. (Ишаё 48:17, 18) Бу принцип ва амрларни ўзимиз ўйлаб топмаганмиз, лекин улар бўйича яшаймиз. Келинг, бу принципларнинг айримлари учрашиш мавзуси билан қандай боғлиқ эканига диққат қаратайлик a.

  •   Никоҳ абадий иттифоқдир. (Матто 19:6) Яҳованинг Шоҳидлари учрашишни никоҳга етаклайдиган қадам деб билишгани учун, бунга жиддий қарашади.

  •   Никоҳ қуришга ёши етганларгина учраша олишади. Улар «илк ёшлик» ёки жинсий истаклари жўш урган даврдан ўтган бўлиши керак. (1 Коринфликларга 7:36)

  •   Учрашмоқчи бўлган инсонларнинг боши очиқ бўлиши керак. Қонунан ажрашган баъзи инсонлар Худонинг назарида никоҳ қура олмайди, чунки Унинг назарида фақатгина жинсий ахлоқсизлик ажралиш учун асос бўла олади. (Матто 19:9)

  •   Никоҳ қурмоқчи бўлган масиҳийлар фақатгина имондошлари орасидан турмуш ўртоқ танлаши керак. (1 Коринфликларга 7:39) Яҳованинг Шоҳидлари бу амрга биноан, турмуш қурмоқчи бўлган инсон нафақат уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиши, балки сувга чўмган Яҳованинг Шоҳиди бўлиб, ушбу эътиқодга яраша ҳаёт кечириши керак деб ҳисоблашади. (2 Коринфликларга 6:14) Аллоҳ Ўз хизматчиларини имондошлари билангина оила қуришга доим ундаб келган. (Ибтидо 24:3; Малаки 2:11) Замонавий тадқиқотларга кўра, бу амр ҳозир ҳам амалий b.

  •   Фарзандлар ота-онасига қулоқ солиши керак. (Ҳикматлар 1:8; Колосаликларга 3:20) Бу амрга биноан, ота-онаси билан яшаётган болалар учрашиш масаласида ота-онаси чиқарган қарорларга бўйсуниши лозим. Бундай қарорлар боласи қайси ёшда учрашишни бошлаши ва қандай ҳаракатлар қилиш мумкинлигини ўз ичига олади.

  •   Ҳар бир Яҳованинг Шоҳиди Муқаддас Китобдаги йўл-йўриқлар асосида учрашиш-учрашмаслик ва ким билан учрашишни ўзи танлайди. Бу «ҳар ким ўз аравасини ўзи тортади», дейилган принципга мувофиқ. (Галатияликларга 6:5) Лекин қарор чиқарганда кўплар улар учун чин дилдан ғам чекадиган маънан етук Яҳованинг Шоҳидлари билан маслаҳатлашиб доно йўл тутишади. (Ҳикматлар 1:5)

  •   Учрашганда қилинадиган кўп нарсалар одатда жиддий гуноҳ деб саналади. Мисол учун, Муқаддас Китобда айтилгандай, жинсий ахлоқсизликдан қочиш керак. Бунга нафақат никоҳдан ташқари жинсий алоқада бўлиш, балки нопок хатти-ҳаракатлар ҳам, масалан, бошқа инсоннинг жинсий аъзоларини эркалаш, орал ёки анал жинсий алоқа қилиш ҳам киради. (1 Коринфликларга 6:9–11) Ҳатто турмуш қурмаган инсонлар жинсий алоқа қилмаса ҳам, аммо ўзаро эҳтиросни қўзғатиш Худога маъқул келмайдиган «ифлослик» деб ҳисобланади. (Галатияликларга 5:19–21) Муқаддас Китобда шунингдек, «беадаб гаплар»дан иборат ахлоқсиз суҳбатлар ҳам қораланади. (Колосаликларга 3:8)

  •   Қалбимиз алдамчи. (Еремиё 17:9) Бу инсонни нотўғри ишларни, ҳатто нотўғри эканини билиб турса ҳам уларни қилишига етаклаши ҳеч гап эмас. Бунинг олдини олиш мақсадида, учрашаётган инсонлар ахлоқсизлик қилиб қўймасликлари учун ёлғиз қоладиган вазиятлардан қочишлари керак. Улар эҳтиёткорлик чораларини кўришса яхши бўларди, масалан, маънан етук дўстлар даврасида ёки учинчи шахс иштирокида учрашишлари мумкин. (Ҳикматлар 28:26) Умр йўлдош излаётган турмуш қурмаган масиҳийлар танишиш учун мўлжалланган сайтлар билан боғлиқ бўлган хавф-хатарларни ва яхши танимайдиган инсон билан муносабатларни ривожлантириш хавфли эканини ёдда тутишлари керак. (Забур 26:4)

a Айрим маданиятларда учрашиш одат тусига кирган, бошқаларда эса йўқ. Муқаддас Китобда учрашиш керак ёки бу никоҳ қуришнинг биргина йўли деб айтилмаган.

b Масалан, битта мақолага кўра, «узоқ вақт (25–50 йилдан ошиқ) турмушда бўлган учта жуфтлик никоҳининг сири уларнинг дини, эътиқоди ва нуқтаи назари бир хил эканлигида тасдиқланди». («Marriage & Family Review», 38- жилд, 1- нашр, 88- саҳ., 2005 йил)