Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Айрилиқни қандай енгиш мумкин?

Айрилиқни қандай енгиш мумкин?

Стивен шундай деди: «Севгилим билан орани очиқ қилганимизда, роса ёмон бўлдим. Умримда ўзимни бундай ҳис этмаган эдим».

Сиз ҳам бунга дуч келганмисиз? Агар шундай бўлса, бу ердаги фикрлар сизга ёрдам бериши мумкин.

 Яраланган қалб

Айрилиқ икки томон учун ҳам оғриқли.

  • Агар орани очиқ қилиш фикри сиздан чиққан бўлса, Жасминнинг қуйида бўлишган сўзларига қўшиларсиз: «Сизга ғамхўрлик қилган инсоннинг қалбини тилка-пора қилиш жуда оғриқли, виждон азоби тинч қўймайди. Умид қиламанки, бу иккинчи марта такрорланмайди».

  • Агар орани очиқ қилиш фикри сиздан чиқмаган бўлса, эҳтимол, нега айрилиқни кичик ўлим билан солиштиришларини биларсиз. Жанет исмли қиз шундай деб бўлишди: «Мени ҳар хил туйғулар чулғаб олди, айрилганимизни тан олишни истамас эдим, ғазабим қайнарди, йигитимни қайтармоқчи бўлдим, тушкунликка тушдим ва охири, деярли бир йил ўтгач, ўзимни қўлга олдим».

Хулоса. Айрилиқ туфайли одам тушкунликка тушиши ва кўнгли синиши мумкин. Ҳикматлар 17:22 да: «Эзилган руҳ эса суякларни қуритади»,— деб ёзилган.

 Нима қила оласиз?

  • Етук инсон билан дардлашинг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади». (Ҳикматлар 17:17) Ота-онангизга ёки етук дўстингизга қалбингизни тўкиб солиш, ўзингизни қўлга олишга кўмаклашади.

    «Бир неча ой давомида ўзимни бошқалардан олиб қочардим ва туйғуларимни ҳеч кимга айтмадим. Лекин дўстлар оёққа туришингизга ёрдам бериши мумкин. Ичимдагини тўкиб солмагунимча ўзимни енгил ҳис қилмадим». (Жанет)

  • Бўлиб ўтгандан сабоқ олинг. Ҳикматлар 4:5 да эса: «Донолигу заковатга эга бўл»,— деб ёзилган. Ёқимсиз вазиятларни бошдан кечириб, ўзингиз ҳақингизда анча нарсани биласиз ва тушкунликни қай йўсин енга олишингиз мумкинлигига ўрганасиз.

    «Ёқтирган инсонимдан айрилганимда, бир дўстим мендан шундай деб сўради: “Бу муносабатлардан қандай сабоқ олдингиз? Бу келажакда яна кимдир билан учрашсангиз сизга қандай қўл келади?”» (Стивен)

  • Ибодат қилинг. Муқаддас Китобда: «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади»,— дейилган. (Забур 55:22) Ибодат сизга қайғу-аламни енгиб, вазиятга бошқача қарашингизга ёрдам бериши мумкин.

    «Тинмай ибодат қилинг. Яҳова дарду аламингизни тушунади, вазиятни сиздан яхшироқ билади». (Марсия)

  • Бошқаларга ёрдам беринг. Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар». (Филиппиликларга 2:4) Қанча кўп бошқаларга ёрдам қўлини чўзсангиз, шунча тез оёққа туриб кета оласиз.

    «Айрилиқ дастидан бўлди ҳаммаси тугади деган хаёлга борасиз ва бу жисмоний оғриққа қараганда анча азоблидир. Лекин бора-бора вазиятим яхшиланди. Бунинг учун вақт керак бўлди, мен оёққа турдим». (Эвелин)