Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Қандай қилиб озсам бўлади?

Қандай қилиб озсам бўлади?

 Чиндан ҳам озишим керакми?

 Айрим ўсмирлар озишни истаётганини айтишади. Аммо...

  •   Кўпчилик соғлиғи ҳақида эмас, ташқи кўриниши ҳақида ташвишланади. Тезроқ вазн ташлаш учун улар ўз вақтида овқатланишмайди ёки оздирувчи дориларни қабул қилишади. Бундай усуллар кўпинча бефойда ва ҳатто хавфли бўлиши мумкин.

     «Айрим қизлар тезроқ озиш учун оч юришади. Кўпинча бу уларнинг организмига зарар келтиради ва қайта тикланишга анча вақт талаб этилади». (Хейли)

  •   Вазни ҳақида ташвишланадиган аксарият ўсмирлар аслида семиз эмас. Уларнинг вазни меъёрида бўлиши мумкин, аммо тенгдошлари ёки оммавий ахборот воситаларида кўрсатиладиган қилтириқ «идеаллар» билан солиштирганда улар ўзларини семиз деб ўйлашади.

     «13 ёшлигимда ўзимни дўстларим билан солиштирардим. Агар ташқи кўринишим уларникидай бўлса, уларга кўпроқ ёқаман деб ўйлардим. Бироқ бу таёқдай озғин бўлишим кераклигини англатарди».(Паола)

 Аммо бошқа томондан баъзи ёшлар чиндан ҳам озишлари керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра...

  •   Дунё бўйлаб 5–19 ёш оралиғида бўлган тахминан 340 миллион ёшлар ортиқча вазнга эга.

  •   1975 йили 5–19 ёш оралиғидаги ёшларнинг 4 фоизи ортиқча вазнга эга бўлган бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 18 фоизга етди.

  •   Дунёдаги аксарият мамлакатларда озғин одамлардан кўра, семиз одамлар кўпроқ.

  •   Камбағал мамлакатларда ҳам семизлик кенг тарқалган. Ҳатто озиқ-овқат масаласи муаммо бўлган оилаларда ҳам семиз одамлар бор.

 Озишнинг энг яхши йўли қандай?

 Қайси усулни танлаган бўлардингиз?

  1.   Ўз вақтида овқатланмаслик.

  2.   Жисмоний машқлар қилиш ва тўғри овқатланиш.

  3.   Оздирувчи дориларни қабул қилиш.

 Тўғри жавоб: 2- усул: жисмоний машқлар қилиш ва тўғри овқатланиш.

 Ўз вақтида овқатланмаслик ёки озиқ-овқатнинг муайян гуруҳидан воз кечиш тез натижа бериши мумкин. Бироқ бу усул соғлигингизга зарар келтиради ва аввалгидай овқатлана бошлашингиз билан халос бўлган вазнингиз яна қайтади.

 Бошқа томондан, агар соғлом бўлишни мақсад қилсангиз, яхшироқ кўринишга эга бўласиз ва ўзингизни анча тетик ҳис қиласиз. Психолог Майкл Брэдли шундай деб ёзган: «Ҳаётингизга бутун умр амал қила оладиган ўзгаришлар киритсангизгина... хавфсиз, соғлом ва давомий натижага эришасиз» a. Бу нимани англатади? Агар озмоқчи бўлсангиз, фақат парҳезга амал қилиш ҳақида ўйламай, ҳаёт тарзингизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг.

 Ҳаракат режаси

 Муқаддас Китоб бизни ҳар нарсада меъёрни билишга ундамоқда. Бу овқатланиш одатимизни ҳам ўз ичига олади. (1 Тимўтийга 3:11) Бу китобда ортиқча овқат ейишдан қочиш кераклиги ҳақида ҳам айтилган. (Ҳикматлар 23:20; Луқо 21:34) Ушбу принципларни ёдда тутган ҳолда, соғломроқ ҳаёт тарзини олиб бориш учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилиб кўринг:

  •   Соғлом озиқ-овқатларга нималар киришини билиб олинг.

     Бунга бутунлай берилиб кетишингиз шарт эмас, аммо егулик ҳақидаги муайян билимлар тўғри овқатланишингизга ёрдам беради. Тўғри овқатланиш вазнни меъёрида сақлашнинг аъло йўли.

  •   Мунтазам жисмоний машқлар қилинг.

     Доимо ҳаракатда бўлиш учун кундалик ишларингизни кўриб чиқинг. Масалан, юқорига лифтда кўтарилиш ўрнига, зинадан фойдаланинг. Телефон ўйнашга кетадиган ярим соатни тоза ҳавода сайр қилиб келишга сарфланг.

  •   Фастфудни соғлом овқатга алмаштиринг.

     «Мен ўзим билан мевалар ва сабзавотлар каби соғлом егуликларни олиб юраман,— дейди София исмли ўсмир қиз. — Бу туфайли унча соғлом бўлмаган овқатларни ейиш васвасасига қарши тура оламан».

  •   Овқатни секинроқ енг.

     Айрим одамлар овқатни тезда еб қўйишгани учун, ошқозони тўлганини сезмай қолишади. Шунинг учун овқатни секинроқ тановул қилинг. Қўшимча олишдан олдин бироз кутинг. Шунда ўзингиз ўйлаганчалик оч эмаслигингизни тушунарсиз.

  •   Еяётган овқатингизда қанча калория борлигидан хабардор бўлинг.

     Сиз еяётган овқатда қанча калория борлигини билиш учун маҳсулотлар ёрлиғини ўқиб чиқинг. Ёрдам: ширин газли ичимликлар, фастфуд ва ширинликлар жуда юқори калорияга эга, шунинг учун улар семиришингизга сабаб бўлади.

  •   Мувозанатли бўлинг.

     16 яшар Сара шундай дейди: «Бир муддат калорияларни ҳисоблашга шунчалик берилиб кетдимки, тарелкадаги овқатга қарасам кўз олдимга фақат рақамлар келарди!» «Калория ҳисобловчига» айланиб қолманг. Баъзан мазали, аммо калорияси юқори бўлган овқатларни еб туришингиз мумкин.

 Маслаҳат: Вазнингиз ҳақидаги ташвишларингизни шифокорингизга айтинг. Организмингиз ва вазиятингиз ҳақида билганларидан келиб чиққан ҳолда, шифокор соғлом ҳаёт тарзини олиб боришингизга ёрдам беради.

a «When Things Get Crazy With Your Teen» номли китобдан олинган.